Регбичи, хоккейчи, актёр ва ҳарбий бўлишни орзу қилган футбол юлдузлари (Фурқат Юсупов блоги)

 

Кеча болалигида футболчи эмас, бошқа касбни танлаши мумкин бўлган футбол юлдузлари ҳақида маълумот бериб ўтган эдик. Бугун ана шу мақоланинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Уэлслик собиқ «қизил иблис» Раян Гиггз агарда воқеалар ривожи бошқачароқ кечганида, у футболчи эмас, балки регбичи бўларди. Унинг отаси Денни Уилсон машҳур регбичилардан ҳисобланарди ва ўғли унинг таъсири остида улғайганди. «Отам мен учун энг асосий қахрамон эди. Ростини айтадиган бўлсам, ҳеч қачон футболчиларнинг ўйинидан завқланмаганман. Албатта Браян Робсон ва Марк Хюзларнинг ўйинларини ёқтирардим, аммо фақатгина отам ўйинларининг ҳақиқий фанати эдим. Уч-тўрт йил давомида якшанба кунлари қайерда бўлишимдан қатъи назар, унинг ўйинларини томоша қилардим. У шундай иқтидорга эга эдики! Баъзан у билан бирга машғулотларга борардим ва ҳар доим унга ўхшашни орзу қилардим, - дейди футболчи. 15 ёшида ота-онаси ажрашганидан сўнг, у футболга кўнгил қўяди ва оқибатда футбол афсонаси даражасига кўтарилади. Гиггз шунингдек регбичи бўлиб кетиши ҳам мумкин эди: «Кимга шу ҳақда гапирмай, ҳамма менга хайрон бўлиб қарайди. Аммо ёшлик чоғларимда мен тенгдошларимга қараганда тикроқ, тезроқ ва кучлироқ эдим. Бунинг устига ҳар доим регбичилар қуршовида бўлганман». «Манчестер Юнайтед» мухлислари балки Гиггзнинг отасига раҳмат айтишар. Тўғри оиланинг ажрашиб кетишидан хурсанд бўлиш ярамайди. Бироқ, мана шу нарса айнан Гиггзни буюк футболчи бўлиб етишишига хизмат қилган бўлса неажаб.

Финландияда хоккей ривожланган ва фин юртида ушбу спорт тури билан шуғулланувчи болакайлар сафи жуда кенг. Улар орасида Сами Хюппя ҳам бўлган. «Ливерпул»даги ўйинлари орқали бутун дунёга танилган Сами болалигида кўпрок хоккей билан шуғулланарди. Лекин ота-онаси талаби билан хоккей шайбасини футбол тўпига алмаштиришга мажбур бўлди. Кейинчалик бу аҳди хусусида шундай деганди: «Ўйлайманки, бошида ўз кучимни футболдагина синаб кўришга имкониятим бор эди».

«МЮ»нинг собиқ ДЖ футболчиси Рио Фердинанд болалигида гимнастика, енгил атлетика, теннис ва балет билан ҳам шуғулланган. Аммо, у ҳам футболни танлаган.

Жаноб Че-Че-Че лақаби билан машҳур бўлган «Челси» дарвозабони Питер Чехнинг енгил атлетикага қизиқиши кучли бўлган. Баландликка сакрашда жуда яхши натижаларни қайд этган ва найза улоқтиришда ҳам чакки эмасди. У 14 ёшида 1,87 метр натижа билан ўз ёш тоифасида Чехия чемпионати ғолиби бўлиши мумкин эди. Италян ўғлони Алессандро Дел Перо болалигида петан (кёрлингга ўхшаш спорт тури, унда метал шарчалар улоқтириш бўйича беллашадилар) бўйича 3 та кубок ютиб олган. Кизиғи шундаки, у илк совринини футболда эмас, балки «петанк»да ютиб олган.

Хорват футболи фахри Давор Шукер 15 ёшида журналистика тўгарагига қатнаган. Бироқ, таҳсилни охиригача етказмаган. Чунки профессионал футболда ўйнай бошлаганди. Шунингдек у сохибкорлик (узумчилик)ка ҳам қизиққан.

Мақоламиз охирида ўзимизнинг футболчиларнинг ҳам болалик орзуларига тўхталиб ўтсак. Хиросима-94 қахрамонларидан бири Игор Шквирин 7-синфга ўтганидан сўнг ота-онаси харбий мактабга беришади. Харбий мактабда ўқишга даъвогарлик қилаётган ўспиринларни тиббий кўрикдан ўтказишади. Бирин-кетин текширувлардан ўтиб бораркан, барча шифокорлар соппа-соғ эканини ёзиб беришарди. Охири навбат ЛОР-шифокорга келади. У Игорни турғазиб қўйдида, турли рақамларни айта бошлади. У ўша рақамларни такроран ўзига қайтадан айтиб берарди, лекин кутилмаганда ўша шифокор шартта уни харбий мактабга яроқсизга чиқариб кўйганида, Игор аламидан додлаб юборай деган.

«Локомотив» футболчиси Марат Бикмаев ёшлигида актёр бўлишни орзу килган. Онаси унинг бу қарорини қўллаб қувватлаб турган, чунки Марат жарангдор овоз ва яхши ташқи кўринишга эга бўлган. Аммо тақдир уни отаси сингари футболга етаклади.

Юсупов Фурқат

Бўлимлар