Футбол тарихида амалга ошмаган 5 та супер трансфер (Фурқат Юсупов блоги)

Футбол тарихида амалга ошмай қолиб кетган бир қанча трансферлар бўлган. Биз ана шундай бўлмай қолган трансферлар ТОП-5 талигини сизнинг ҳукмингизга ҳавола қиламиз.

Амалга ошмаган трансферлар ТОП-5

5. Луиш Фиго. «Спортинг» - «Парма»/ «Ювентус»
22 ёшли португалиялик юлдуз 1995-йилда 90-йилларнинг энг кучли чемпионатларидан бири сифатида эътироф этиладиган Италия А сериясига ўтишни жуда хоҳларди. Унинг мана шундай жуда катта хоҳиши ўзига жуда қимматга тушади, Фиго аввалига «Парма», кейин «Ювентус» билан оғзаки шартномага имзо чекиб қўяди (иккаласидан бирига ўтишга умид қилиб) туринликлар билан пармаликлар ўртасида жуда катта можаро келиб чиқади. Ҳар иккаласи ҳам футболчи билан шартнома имзолаб қўйганди. Натижада Италия футбол федерацияси ҳар иккала клубни жазолайди. УЕФА трансфер қонун-қоидасини бузгани учун футболчи ҳам жазосини олади, португалиялик футболчининг Италия чемпионатига трансфер қилиниши 2 йилга чеклаб қўйилади. Бироқ футболчи барибир фаолиятининг сўнггида Италия чемпионатида тўп суриш бахтига муяссар бўлади.

Амалга ошмаган трансферлар ТОП-5
4. Алан Ширер «Саутгемптон» - «Манчестер Юнайтед»
Англия премер лигаси бироз бошқача кўринишда бўларди, агар Ширер 1992 йили «Блекберн Роверс» таркибига эмас, «қизил иблислар» сафига бориб қўшилганда. Сабаби ўша йили Алан манчестерликлар таклифини рад этмаганда, ҳеч қачон Ерик Кантона МЮда тўп сурмаган бўларди. Ширернинг Англия чемпиони деган шарафли унвонга бир марта сазовор бўлганини, Кантонанинг Англиядаги саргузаштларини ҳам балки кўрмаган бўлармидик… орадан тўрт йил ўтиб, Сер Алекс уни яна бир марта ўз жамоасига чорлайди, аммо Алан кўпчилик учун яна бир бор кутилмаганда, ёшликдаги севимли жамоаси «Нюкасл»га ўтишни афзал кўради. 90-йилларнинг энг машҳур ва энг кучли ҳужумчиларидан бири кимсан Сер Алекс Фергюссоннинг таклифини бир эмас, икки марта рад этган футболчи сифатида ҳам тарихда қолди!

Амалга ошмаган трансферлар ТОП-5

3. Йоханн Кройфф «Аякс» - «Дамбартон»
1982-йилда қадрдон «Аякс» жамоаси билан шартнома борасида бир тўхтамга кела олмаётган Йоханнга узоқ Шотландиядан «совчилар» келишади. Амстердамликлар маълум бир миқдордаги маблағ эвазига футболчини қўйиб юборишга рози эдилар. Кройфф эса Шотландияда мавсумолди йиғинида қатнашиб, ҳатто тиббий кўрикдан ҳам ўтиб бўлган эди, фақат шартномага имзо чекиш қолганди. Аммо сўнгги паллада Шотланд клуби «Аякс» сўраган пулни топа олмайди, аниқроғи, клуб хўжайинлари бунақа катта пулни бир футболчига сарфлашни истамайдилар. Шундай қилиб, ўша йили жуда катта шов-шувга айланган трансфер амалга ошмай қолади!

Амалга ошмаган трансферлар ТОП-5

2. Роналдиньо «ПСЖ» - «Сент-Миррен»
Кўпчилик Роннининг 2001-йилда Шотландиянинг ўртамиёна «Сент-Миррен» клуби билан шартнома имзолаганини эшитмаган, билмаган бўлса керак. Аммо қанчалик ҳайратланарли бўлмасин, бу ҳақиқат. Роналдиньо 2001 йилнинг июль ойида кўпчилик учун кутилмаганда, шотландлар билан шартнома имзолайди, аммо орадан бир ҳафта ўтгач, қалбаки паспорт билан юзага келган можаро туфайли шартнома бекор қилинади, футболчи катта миқдорда жаримага тортилади ва 2 йилга трансфер бозоридан четлатилади. 2003 йилда жаҳоннинг энг иқтидорли футболчисини қўлга киритиш учун Европада ҳақиқий ов бошланади. «Реал» билан оғзаки келишувга эга бўлган футболчи сўнгги паллада қиролликлар билан шартнома туза олмайди, Мадридликлар Роннининг ўрнига Девид Бекхемни ҳарид қилишади. Сер Алекс Фергюссон Роналдиньонинг трансфери учун парижликлар сўраган маблағни қидириб турган бир пайтда ярим ҳимоячи Каталонияга йўл олади.

Амалга ошмаган трансферлар ТОП-5
1. Криштиану Роналду «Спортинг» - «Ювентус»
2003 йили португалиялик ўсмир ўз ўйинлари билан кўпчиликнинг диққатини ўзига тортишга улгурганди. Ёзги трансфер ойнаси очилиши билан унга Европанинг гранд жамоаларидан таклифлар ёғилиши деярли аниқ эди. Биринчилардан бўлиб бу ҳақда Турин суперклуби, шахсан Лучано Моджи жар солади, ҳақиқатдан ҳам Моджи португалиялик юлдузнинг Туринга кўчиб ўтиши борасида лиссабонликлар билан келишиб қўйганди. Роналду тиббий кўрикдан ўтиб, шартнома имзолаш пайти яқинлашган бир пайтда келишмовчиликлар юзага келади. «Бянконерлар» тиффозиларининг қувончлари узоққа чўзилмайди, Роналду Туринга эмас Манчестерга йўл олади.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар