«Арсенал» тарихидаги энг яхши 5 трансфер (Фурқат Юсупов блоги)

Лондоннинг «Арсенал» клуби сўнгги пайтларда трансферлар учун яхшигина пул ажрата бошлади. Шу боис «канонирлар» тарихидаги энг яхши 5 та трансфер ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

5. Марк Овермас. «Аякс»дан 5,5 млн.евро (1997 йил)
Марк «Аякс»даги омадли мавсумлардан сўнг, ўзини кучли чемпионатларда ҳам синаб кўришга қарор қилди. Бундан эса «Арсенал» унумли фойдаланиб қолди. Иқтидорли ярим ҳимоячи учун клуб 5,5 млн.евронинг баҳридан кечишди. Овермас 3 йил ичида «Канонирлар» сафида 141 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 40 та гол ёздириб қўйди. Ярим ҳимоячилар учун ажойиб натижа!

4. Робер Пирес. «Марсель»дан 6 млн.евро (2000 йил)
Венгер «Арсенал» таркибига французларни тўплашни бошлаб юборган эди. Анридан кейин Лондонга Пирес ҳам келди. Робер келганидан кейин, «канонирлар» янада кучайишди. 2004 йилги фантастик мавсум эса Робернинг фаолияти давомидаги энг буюгига айланган эди.

3. Патрик Виейра. «Милан»дан 3,5 млн.евро (1996 йил)
Лондонликлар 1997 йили «Милан»нинг етакчиларидан бири Патрик Виейрани ҳам ўз сафларига қўшиб олишди. Ушбу ўтиш «Арсенал»га 3,5 млн.еврога тушади. Виейра «канонирлар» сафида фантастик мавсумларни ўтказади. Бергкамп-Анри-Виейра триоси премьер лигада ва еврокубокларда ҳимоячилар учун ҳақиқий бош оғриғига айланишади.

2. Деннис Бергкамп. «Интер»дан 7,5 млн.евро (1995 йил)
«Арсенал» 1995 йилда «Интер»дан голландиялик «учмас голланд» Бергкампни 7,5 млн.евро эвазига сотиб олди. Деннис самолётда учишдан қўрққанлиги боис, «канонирлар»нинг бир қанча сафар ўйинларини ўтказиб юборишга мажбур бўлган. Бергкамп «Арсенал» либосида 425 ўйинда майдонга тушиб, 120 та голга муаллифлик қилган. Ана шу голларнинг ҳар бири санъат асари эди.

1. Тьери Анри «Ювентус»дан 7,5 млн.евро (1999 йил)
1999 йили «канонирлар» раҳбарияти клуб тарихидаги энг фойдали трансферга қўл уришди. «Ювентус»дан француз ҳужумчиси Тьери Анри 7,5 млн.евро эвазига ҳарид қилинди. Анри ўзи учун сарфланган пулларни ортиғи билан бажарди. У «Арсенал» учун 377 учрашувда 228 та гол киритишга муваффақ бўлди. Шунингдек жамоаси билан Англия чемпионати, кубоги ва суперкубокларида зафар қучди.

Фурқат Юсупов

Бўлимлар