Тахтакўпир ва Чимбойда ичимлик суви қувурлари таъмирланиб, аҳолига 2 махсус машинада доимий равишда ичимлик суви ташиш йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида қиш мавсумига тайёргарлик, электр ва иссиқлик энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир, ичимлик суви билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди. Аниқланган камчилик ва муаммолар ўз жойида бартараф этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

10.jpg

 

Мамлакатимизда одамларнинг кундалик ҳаёти, саломатлиги ва кайфиятига бевосита дахлдор масалалар – коммунал хизматни тубдан яхшилаш, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини юксалтириш ва молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. 

Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ва Тахтакўпир туманларининг чекка овулларида бўлди, Нукус шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти билан танишди. 

18.jpg

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисидан мазкур йўналишда шу кунга қадар 2 минг 550 дан зиёд мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 минг 596 таси тўлиқ қаноатлантирилган, қолганлари ўрганилмоқда. Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар жараёнида ана шундай мурожаатлардан 32 таси бевосита жойида ҳал этилди. Хусусан, 5 хонадон ичимлик суви тармоғига улаб берилди, Тахтакўпир ва Чимбой туманларидаги авария ҳолатида бўлган ичимлик суви қувурлари таъмирланди. Олис овуллар аҳолисига 2 махсус машинада доимий равишда ичимлик суви ташиш йўлга қўйилди. 

Бўлимлар