Қорақалпоғистонлик 22 ёшли йигит “Ёшлар кафиллиги" асосида суд залидан озод этилди

2019-йил 16-май куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар суди томонидан Нукус шаҳри, “Жайхун" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Жиноят Кодексининг 267-моддаси 2-қисми, “г" банди билан айбланган ёш У.Л.га (исми-шарифи ўзгартирилган) оид жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилди.

Фуқаро У.Л.нинг яқинлари томонидан ёшлар кафиллигига олиш ҳақидаги мурожаати  Ёш ҳуқуқшунослар Кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан ҳамкорликда судланувчининг оиласи, унинг хатти-ҳаракатлари чуқур ўрганилиб таҳлил қилинди.

Ёш ҳуқуқшунослар Кенгаши томонидан ёш У.Л. содир этган жиноий ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, содир этган жинояти оқибатида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлигини, жабрланувчининг даʼвоси йўқлигини ҳамда муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, ёш фуқаро У.Л.ни ёшлар кафиллигига олиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Мазкур суд мажлисида жамоат ҳимоячиси сифатида Ёш ҳуқуқшунослар Кенгаши масʼул ходими Н.Жумаев, шунингдек Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши юрисконсулти К.Палуаниязовлар иштирок этди.

Шунга кўра, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг кафиллик хати инобатга олиниб, Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг ҳукмига кўра, ёш фуқаро У.Л.га нисбатан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 72-моддасига асосан 2 йил муддатга шартли ҳукм қўлланилиб, суд залидан озод қилинди.

 

Бўлимлар