Хоразмда «снос» можаролари давом этади. Шуҳрат Абдуллаев қачон халқ билан мулоқот қилади?

Бироз аввал Хоразм вилояти Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар шаҳарда бўлаётган «снос» масаласида муаммоларга дуч келишгани ҳақида сайт таҳририятига мурожаат қилишганди, дея ёзмоқда "Kun.uz".

Мурожаатчилардан бири Ҳумоюн Машарипов бир неча йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган. Унинг дўкони жойлашган кўчада аҳоли учун жоме масжиди қурилиши режалаштирилган. Масжид атрофида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари бошланган. Шу сабабли ҳокимлик вакиллари 2017 йилнинг июль ойида тадбиркор дўкони ҳам «снос»га тушгани ҳақида огоҳлантириш хатлари беришган.

Ҳумоюн Машарипов

Икки ўртада келишув битими тузилган. Унга кўра, дўкон қиймати ва унинг ўрни жойлашган ер ҳисобга олиниб, тадбиркорга Амударё кўчаси ҳудудидан 100 квадрат метр майдон ажратилиши белгилаб қўйилган. Орадан икки йил ўтган бўлса ҳам тадбиркорга на компенсация ва на шартномада белгиланганидек ер ажратилган. Тадбиркорнинг мурожаат қилмаган ташкилоти қолмаган. Шаҳар ҳокимининг қабулига бир неча марта боришига қарамай Шуҳрат Абдуллаев уни қабул қилмаган.

Иккинчи мурожаатчи эса Урганч шаҳар Ёғду кўчасида яшовчи Бахтиёр Вапоев. Унинг айтишича, у яшаб турган уй 2012 йилнинг 6 декабрдаги президент дастурига тушган ва уларга уйлари тез орада бузилиши ҳақида 2014 йилнинг бошида огоҳлантириш хатлари берилган. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, уй на бузилган ва на ҳокимият билан келишув битими тузилган. Унинг уйи атрофидаги уйлар «снос»га тушиб аксари бузиб ташланган. Ҳоким қабулига борган чоғида Шуҳрат Абдуллаев тадбиркорга уй албатта бузилишини маълум қилган. Шундай бўлса-да, шаҳар ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига амал қилмай, келишув шартномасига имзо чекмай келмоқда. Уй бузиб ташланса, Вапоевнинг борар жойи йўқ. У албатта, очиқ осмон остида яшашни мақсад қилмаган.

Бахтиёр Вапоев

Энг қизиғи, отасига қарашли мулк бўйича ҳам ҳокимлик билан келишув шартномаси имзоланган. Шартнома бўйича ер ажратилган, бироқ деярли бир ойдан бери компенсация пуллари берилмаган.

Июль ойида Хоразм вилоятига сафаримиз давомида Шуҳрат Абдуллаев билан учрашиб, ундан бу мурожаатчиларнинг ҳолати бўйича изоҳ сўрагандик, аммо ҳоким етарли изоҳ бера олмаган, доимгидек ижобий ҳал қиламиз дейишдан нарига ўтмаганди.

Мурожаатчиларнинг таҳририятга маълум қилишларича, шаҳар ҳокими ҳамон уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бермай келмоқда ва уларни қабул қилишни истамаяпти.

Шуҳрат Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни ўтказилган видеоселекторда Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимлари Шуҳрат Ғаниев, Фарҳод Эрманов ва Зафар Рўзиевни қаттиқ танқид қилганди.

Наҳот шаҳар ҳокими президент сўзларидан хулоса қилмаган бўлса? Нега Шуҳрат Абдуллаев давлат раҳбари бошлаган сиёсий ислоҳотлар мазмунини англаб етмаяпти?

Урганчлик мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев халқ билан муомала қилишни билмайди. Қабулига келган фуқароларнинг аксарини қабул қилмайди, уларнинг муаммолари билан қизиқмайди. У бузиш масалалари билан боғлиқ қонунларга амал қилмайди. Юқоридан текширувлар келган чоғда мурожаатчиларни уларнинг қабулидан чақиртириб олади, тез орада ижобий ҳал этишини айтади ва улар кетгач вазият яна ўша «эски тос, эски ҳаммом»лигича қолаверади.

Тегишли ташкилотлар, вазирликлар ва вилоят ҳокимлигидан юқоридаги ҳолат бўйича етарли изоҳлар берилишини сўраб қоламиз. Мулкини йўқотган тадбиркорлар, оддий фуқароларга ер ва компенсация берилишида ташаббус кўрсатишларини кутиб қоламиз. Ахир асосий мақсадимиз одамларни рози қилиш эмасми?

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирвоҳид Мирраҳимов тасвирчи

Бўлимлар