Шавкат Мирзиёев «Мўйноқ аква саноат» давлат унитар корхонасини бориб кўрди

Бир пайтлар Мўйноқ балиқчилик саноати билан машҳур бўлган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили бу ерга келиб, мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни қайта тиклаш ва ривожлантириш бўйича тавсиялар берган эди, дея эслатади Президент матбуот хизмати.
 
«Мўйноқ аква саноат» корхонаси – ана шу ташаббус натижаси. Лойиҳа қиймати 20 миллиард сўмлик мазкур корхона йилига 4 минг тонна балиқни қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна фарш, 400 тонна филе, 9 миллион дона консерва ишлаб чиқарилади. Қарийб 60 иш ўрни яратилади. 
 
Бугунги кунда корхона биноси қурилиши якунланиб, технологик ускуналар ўрнатилмоқда. Уни шу йил сентябрда ишга тушириш мўлжалланган.

Шу ерда Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бу тармоқда қўшимча 17 лойиҳа ишлаб чиқилган. Улар натижасида балиқ етиштириш ҳажмини 15 минг тоннага, қайта ишлаш даражасини 36 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бўлимлар