Оролбўйи аҳолиси ҳаётини яхшилаш учун Япония 346 миллион иена беғараз ёрдам ажратади

Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи давомида кўплаб ҳужжатлар имзоланди. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан ҳисобланган Япония Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудидаги ҳолатга бефарқ эмаслигини маълум қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, Япония мураккаб экологик ҳолатда бўлган Оролбўйи ҳудуди аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш учун 346 миллион иена миқдорида беғараз ёрдам ажратадиган бўлди (3,2 миллион АҚШ доллари атрофида). Томонлар бу борада имзоланган ноталарни алмашдилар. Ўзбекистон томони бу келишувни юқори ҳурмат белгиси сифатида қабул қилди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ ОАВ учун ўтказилган брифингда бу борада ўз фикрларини билдирди.

«Япония ҳукумати Оролбўйи ҳудудидаги мураккаб экологик вазиятни тушунган ҳолда бу ҳудуд аҳолисининг ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида халқаро ташкилотлар иштирокида ўз ҳиссасини қўшмоқчи», дейди у.

Учрашувлар вақтида ушбу ҳамкорликни амалга ошириш Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТ билан ҳамкорликда ташкил этилган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг мақсадларига мос келиши таъкидланди.

Бўлимлар